Саволлар ва жавоблар

Мавзу: Аллоҳнинг макрини қандай тушуниш керак? 30.12.2017

Савол:

Сизларга яна бир саволим бор эди: Аллоҳ ҳам макр қиладими? Қандай бандаларини макр қилади. Жавоб учун олдиндан раҳмат!

Бошқа мавзулар 2479

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Аллоҳ таоло шундай деган: (Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам “макр” қилди. Аллоҳ “Маккорроқ”дир” (Оли Имрон сураси, 54-оят).

“Макр” сўзи тадбир қилиш ё ҳийла билан бошқа тарафга буриб юбориш каби маъноларни ифодалайди. Макрга икки хил қаралади: агар макр қилишдан мақсад ёмонлик, қабиҳлик бўлса, у қораланади. Яҳудийлар Исо алайҳиссаломга қилган макри бунга мисолдир. Агар макр қилишдан мақсад яхшилик бўлса, у ҳолда бундай макр мақталади.

Исо алайҳиссалом даъватини ёлғонга чиқарган яҳудийлар унга хиёнат қилдилар, уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун не-не воситаларни ишга солмадилар. Бироқ ҳикматли, қодир Зот Аллоҳ таоло уларнинг макрларини бекор қилди, шунча чора-тадбирлари бесамар кетди. Аллоҳ пайғамбари Исо алайҳиссаломга уларнинг ёмонликларидан нажот берди. Аллоҳ “макр” жиҳатидан яҳудийлардан кучлироқ. У Зотнинг тадбири амалга ошувчидир. Аллоҳ жиноятчи кимсаларни кутмаган томонларидан жазолаб қўяди (Манба: Муҳаммад Саййид Тантовий, “Пайғамбарлар тарихи”).

Демак, Аллоҳнинг макри деганда тадбири, душманлар ҳийласини йўққа чиқариши, ҳаракатларини зое кетказиши тушунилади. Валлоҳу аълам!